Осиё чемпионати. Гулруҳбегим ва Афруза муҳим ғалабаларга эришишди
Маълумки, сўнгги кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида шахмат бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мукофот жамғармаси 80 000 АҚШ долларини ташкил этган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам йирик таркибда иштирок этди. Аёллар ўртасидаги беллашувларда 23 давлатдан 101 нафар иштирокчи медаллар учун кураш олиб борди.
Терма жамоамиз етакчилари еттинчи турда муҳим ғалабаларни қўлга киритишди. Ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова оқ доналарда Шри-Ланка вакиласи Девиндия Гунавардҳанани мағлуб этди. Бир муддат АҚШ шарафини ҳимоя қилган Гулруҳбегим Тоҳиржонова эса қозоғистонлик Элназ Калиахметни енгди. Эслатиб ўтамиз, ҳар икки шахматчимиз олтинчи турда рақибаларига имкониятни бой бериб қўйишганди.
Еттинчи тур натижаларига кўра, терма жамоамиз аъзолари орасида энг яхши натижани Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Афруза Ҳамдамова қайд этди. Гулруҳбегим 5 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичларга кўра 9-ўринни эгаллади. Шунча очкога эга бўлган Ҳамдамова эса 11-поғонадан жой олди. Турнир жадвалида 6 очкодан тўплаган ҳиндистонлик Сешадри Срижа ва мўғулистонлик Бат-Эрдене Мунгунзул етакчилик қилди. Улардан кейинги ўринларда Валентина Гунина, Анастасия Бондарук ва Агравал Вантика 5,5 очкодан жамғарган ҳолда қайд этилди.
Саккизинчи турда Тоҳиржонова оқ доналарда россиялик Валентина Гунинага қарши, Ҳамдамова эса қора доналарда хиндистонлик Гейт Сватига қарши беллашди.