Осиё белбоғли кураш Конфедерацияси раҳбарлари Гулистондаги спорт инфратузилмаси билан танишди
Куннинг иккинчи ярмида Осиё белбоғли кураш Конфедерацияси Президенти ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раҳбарияти Гулистон шаҳрида жойлашган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида марказда спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий спорт иншоотлари ҳамда машғулот жараёнларини ташкил этиш тизими билан яқиндан танишилди.
Хусусан, марказнинг белбоғли кураш бўлимида фаолият олиб бораётган спортчилар ва мураббийлар билан учрашув ташкил этилиб, машғулотлар жараёни, спортчиларнинг тайёргарлик даражаси ҳамда мавжуд шароитлар юзасидан фикр алмашилди. Учрашув давомида спортчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг профессионал маҳоратини ошириш ва халқаро мусобақаларга пухта тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ташриф доирасида жорий йилда Гулистон шаҳрида белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионатини ўтказиш имкониятига эга бўлган инфратузилма объектлари жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқилди. Жумладан, очиқ спорт майдонлари, мусобақаларни ташкил этиш учун мос ҳудудлар, меҳмонхоналар, спортчилар ва меҳмонлар учун яратилган яшаш шароитлари, транспорт ва логистика тизими ҳамда хавфсизлик масалалари атрофлича кўздан кечирилди.
Масъуллар томонидан Гулистон шаҳрининг халқаро миқёсдаги спорт тадбирларини қабул қилиш салоҳияти юқори баҳоланиб, мавжуд имкониятлар Осиё чемпионатини юқори савияда ўтказиш учун етарли эканлиги қайд этилди. Шу билан бирга, айрим йўналишлар бўйича таклиф ва тавсиялар берилиб, ташкилий масалаларни янада такомиллаштириш юзасидан келгусидаги режалар белгиланиб олинди.
Мазкур ташриф белбоғли кураш спорт турини Сирдарё вилоятида янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда юртимиз спортчилари учун янада қулай шароитлар яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.