Олимпия шаҳарчасида World Aquaticsнинг минтақавий маркази очилди
Айни кунларда Тошкент шаҳри спорт соҳасидаги бир қатор нуфузли тадбирларга мезбонлик қилмоқда. Шулар қаторида бугун World Aquatics (Бутунжаҳон сузиш федерацияси) Ижроия қўмитаси Бюросининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.
Мазкур тадбир доирасида Бутунжаҳон сузиш федерацияси (World Aquatics) Президенти, Осиё Олимпия кенгаши Бош директори Ҳусайн Ал Мусаллам бошчилигидаги делегация Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонга World Aquatics Ижроия қўмита бюроси таркибининг аъзоси Шаҳноза Мирзиёева, Спорт вазири Адҳам Икрамов, мамлакат сузиш федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, МОҚ раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, ҳамда Спорт вазирлиги ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди.
Меҳмонлар мажмуадаги сув спорт турларига мўлжалланган иншоот билан таништирилиб, унда машғулот ўтаётган спортчилар билан ҳам яқиндан суҳбат ўтказилди.
Шунингдек, мазкур тадбирда фахрий меҳмон сифатида АҚШ Президентининг глобал шерикликлар бўйича махсус вакили Паоло Замполли, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид ҳам иштирок этди.
Сув спорт иншооти ҳақида маълумот берилар экан, мазкур ҳавзада бир вақтнинг ўзида спортнинг сувга сакраш, сузиш турлари бўйича машғулотларни белгиланган талаблар асосида узлуксиз ташкил этиш имконияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбир давомида, сув спорт иншоотида World Aquaticsнинг минтақавий маркази очилиш маросими ҳам ўтказилди.
Олимпия шаҳарчаси спорт мажмуаси меҳмонларда юқори таассурот қолдириб, келгусида нуфузли мусобақаларни шу ерда ташкил этиш таклифлари ҳам кўриб чиқилди.