Олий лигага ўтиш турнири Жиззахда бўлиб ўтади
Ўзбекистон футзал федерацияси жорий йилнинг июн ойининг иккинчи ва учинчи декадасида олий лига йўлланмаси учун ўтиш турнирини режалаштиргани ҳақида муқаддам маълум қилгандик.
Мазкур мусобақада биринчи лиганинг охирги мавсуми иштирокчилари, шунингдек, янгидан шакллантирилган профессионал жамоалар ҳамда май ойида ўтказилган Ҳудудий лигалар ғолиблари курашида зафар қучган — "Пантера" (Қорақалпоғистон) жамоаси қатнашади.
Регламентга мувофиқ турнир иштирокчи жамоаларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда гуруҳларда, бир даврали тизимда ўтказилади. Гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар плей-оффда курашни давом эттиради. Бунда "A" гуруҳи ғолиби "B" гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган жамоага қарши, "B" гуруҳи ғолиби "A" гуруҳининг иккинчи жамоасига қарши ярим финал учрашувида майдонга чиқади. Ярим финал ғолиблари эса ҳал қилувчи учрашувда олий лиганинг ягона йўлланмаси учун баҳс олиб боришади.
Ўтиш турнири Жиззах шаҳрида ташкиллаштирилади. Ўйинлар санаси ва иштирок этувчи жамоалар ҳақида кейинроқ янада батафсил маълумот берамиз.