Оғир атлетика. Ўзбекистон чемпионати бошланишига роппа-роса 30 кун қолди!
Роппа-роса бир ойдан сўнг Чирчиқ шаҳрида ёшлар ҳамда катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига старт берилади. Мазкур мусобақа янгиланган Низом асосида ўтказилиши билан алоҳида аҳамият касб этади.
Янги тартибга кўра, Республика миқёсидаги мусобақаларда фақат саралаш босқичларида чемпион, ғолиб ёки совриндор бўлган спортчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, ёш тоифалари учун алоҳида спорт разрядлари талаби жорий этилаётгани таъкидланмоқда.
Мусобақага оид барча талабномалар “ERP Sport” ҳамда u-entry.uz электрон тизимлари орқали қабул қилинади ва юритилади. Мазкур тизимлар жараённинг шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлайди.
Яна бир муҳим ўзгариш шундан иборатки, илк бор даст ва силтаб кўтариш йўналишларида алоҳида медаллар топширилади. Бунда иккикураш натижаси алоҳида тақдирланмайди, жамоавий ҳисоб эса қўлга киритилган медаллар йиғиндиси асосида аниқланади.
Умуман олганда, янгиланган Низом мусобақанинг ташкилий ҳамда спорт жиҳатларини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, чемпионатнинг юқори савияда, шаффоф ва муросасиз рақобат руҳида ўтишига замин яратади. Шу боис, оғир атлетика ихлосмандларини ҳақиқий спорт байрами кутмоқда.