Оғир атлетика. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси тоғ бағрида ўқув-йиғин машғулотларини давом эттирмоқда
Қозоғистон аёллар терма жамоаси билан қўшма ўқув-йиғин машғулотларини муваффақиятли якунлаган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бўлажак нуфузли мусобақаларга тайёргарликни изчил давом эттирмоқда.
Айни кунларда жамоа Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида, тоғ бағрида жойлашган Акбар Жўраев номидаги спорт маҳорати мактабида навбатдаги ўқув-йиғин машғулотларини олиб бормоқда.
Бош мураббий Маҳмуд Тоғоев ҳамда ёрдамчи мураббий Камила Абдуллаева раҳбарлигида ўтаётган машғулотларда спортчиларнинг жисмоний ва функционал тайёргарлигини янада ошириш, техник-тактик маҳоратини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юқори тоғ шароитида ташкил этилган йиғин спортчиларнинг чидамлилиги ва мусобақаларга тайёргарлик даражасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўқув-йиғин машғулотлари 16-июн санасига қадар давом этади.