Оғир атлетика. Шахрилло Махмудовнинг Тожикистонга ташрифи: ҳамкорлик ва янги ташаббуслар
Спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси биринчи ўринбосари Шахрилло Махмудов хизмат сафари билан Тожикистон Республикасида бўлди.
Ташриф давомида Шахрилло Шарипович Тожикистон оғир атлетика федерацияси раҳбари билан учрашув ўтказди.
Шунингдек, сафар доирасида спортчилар тайёргарлик олиб бораётган машғулот базалари ва спорт заллари билан яқиндан танишилиб, уларда яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Мулоқотлар давомида оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш, спортчилар тайёргарлиги сифатини ошириш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, жорий йил ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Тожикистон терма жамоасига ўқув-машғулот йиғинларини Ўзбекистон терма жамоаси билан биргаликда юртимизда ташкил этиш таклифи билдирилди.
Қайд этиш жоизки, мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги спорт алоқаларини янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва оғир атлетика спорт турининг тараққиётига хизмат қилувчи муҳим қадамлардан бири бўлди.