locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Оғир атлетика. Фордe–2025: Жаҳон чемпионатида Олимпия чемпионлари баҳси

2–11 октябр кунлари Норвегиянинг Фордe шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Оғир атлетика. Фордe–2025: Жаҳон чемпионатида Олимпия чемпионлари баҳси
photo: og'ir atletika

2–11 октябр кунлари Норвегиянинг Фордe шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу сафар учта Олимпиадада, уч хил вазн тоифасида ғолиб чиққан чемпионлар бир майдонда ўзаро беллашади.

Мусобақага жами олти нафар Олимпия чемпионлари ташриф буюрмоқда. Бу яхши кўрсаткич, чунки Рио, Токио ва Парижда чемпион бўлган хитойлик атлетларнинг кўпчилиги қатнашмайди — уларнинг айримлари фаолиятини якунлаган, бошқалари эса ноябр ойида бўладиган Хитой миллий ўйинларига ҳозирлик кўрмоқда.

Биз учун энг муҳим воқеа — 110 кг вазн тоифасидаги баҳс. Бу сафар иккала асосий рақиб ҳам Ўзбекистондан: 33 ёшли Рио–2016 чемпиони Руслан Нурудинов ва ундан 8 ёш кичик, Токио–2020 ғолиби Акбар Жўраев ўзаро куч синашади.

Нурудинов бундан 1,5 йил аввал бел жароҳати сабабли спортни тарк этишни ўйлаган эди. Аммо у ўзининг энг яхши формасига қайтиб, ўтган йил декабрда Баҳрайнда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 242 кг силтаб кўтаришда жаҳон рекордини ўрнатди ва энг яқин рақибидан 20 кг олдинда бўлди.

Жўраев эса Парижда Лю Хуаньхуа ортидан иккинчи бўлганидан кейин фақат бир марта мусобақада қатнашди. Ҳозирда у машғулотларда юқори натижалар кўрсатмоқда. 195–237–427 стандарт кўрсаткичларни иккала спортчимиз ҳам янгилашга қодир.

Бундан ташқари, 94 кг вазн тоифасида ҳам юлдузли таркиб тўпланган. 9 октябр куни “A” гуруҳида Рио–2016 чемпиони Киануш Ростами, Токио–2020 ғолиби Месо Ҳассона ва Париж–2024 чемпиони, 21 ёшли рекордчи Карлос Насар баҳс олиб боради.

Фордeдаги олтинчи Олимпия чемпиони — индонезиялик Ризки Жуниансяҳ. У ҳам 79 кг вазнда ўз жамоадоши билан рақобатлашади. Бу вазнда аллақачон бир неча спортчилар жаҳон рекорд кўрсаткичлари — 166–203–362 дан юқорини қайд этишга муваффақ бўлишган.

Мусобақада яна кўплаб кучли атлетлар ҳам иштирок этади: кореялик Сон Хёнхо, венесуэлик Олимпиада медали соҳиб Жулио Майора, қозоқ спортчиси Йедиге Йемберди, италиялик Оскар Рейес ва мисрлик Мухаммад Эльсайед шулар жумласидан.

Чемпионатда иштирокчиларнинг ёши орасида ҳам катта фарқ бор: энг ёш атлет — 14 ёшли куветлик Муҳаммад Алотаибий дастлабки сессияда 60 кг вазн тоифасида майдонга тушса, энг катта ёшдаги спортчи — 40 ёшли чехиялик Олимпиадачи Камил Кучера сўнгги кунда супероғир вазн “B” гуруҳида рақобатга киришади.

Демак, бу йилги Фордeдаги жаҳон чемпионати ўта муросасиз ва шиддатли беллашувларга бой бўлиши кутилмоқда.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг