Оғир атлетика. Европа чемпионати–2026: илк кун ғолиблари аниқланди, Батумида рекорд ва сенсация!
Грузиянинг Батуми шаҳри мезбонлик қилаётган катталар ўртасидаги Европа чемпионатининг илк куни ортида қолди. Дастлабки кунда аёллар ўртасида -48 кг ҳамда -53 кг вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
-48 кг вазн тоифаси натижалари:
1-ўрин — Джулия Империо (Италия) — 176 кг (78 + 98)
2-ўрин — Катерина Малашчук (Украина) — 172 кг (77 + 95)
3-ўрин — Бояна Костадинова (Болгария) — 169 кг (77 + 92)
-53 кг вазн тоифасидаги баҳслар чинкам сенсацияга айланди. Мусобақа давомида асосий эътибор руминлик Михела Камбейга қаратилди. У даст кўтариш машқида энг яхши натижани қайд этган бўлса-да, умумий ҳисобда олтин медални сақлаб қола олмади.
Ҳал қилувчи лаҳзаларда бельгиялик Нина Стеркс жасорат намойиш этди: силтаб кўтаришда дастлаб 107 кгни ишонч билан забт этди, 112 кгда эса муваффақиятсизликка учради. Шунга қарамай, у таваккал қилиб 116 кг буюртма қилди ва бу уринишни муваффақиятли амалга оширди. Айни шу уриниш унга нафақат ғалаба, балки силтаб кўтариш ҳамда умумий ҳисобда — 210 кг натижа билан икки йўналишда Европа рекордини янгилаш имконини берди. Шу тариқа, кескин ва муросасиз курашлар якунида Камбей иккинчи ўрин билан кифояланди.
-53 кг вазн тоифаси натижалари:
1-ўрин — Нина Стеркс (Бельгия) — 210 кг (94 + 116)
2-ўрин — Михела Валентина Камбей (Руминия) — 209 кг (95 + 114)
3-ўрин — Жансел Озкан (Туркия) — 198 кг (92 + 106)