Оғир атлетика. Адҳамжон Эргашевдан терма жамоамиз ҳисобига бронза “требл”
Адҳамжон Эргашевдан терма жамоамиз ҳисобига бронза “требл”
Доха шаҳрида бўлиб ўтаётган “10th Qatar Weightlifting Cup” турнирининг иккинчи кунги баҳслари давом этмоқда. Нуфузли мусобақада дунёнинг қарийб 30 та давлатидан ташриф буюрган полвонлар ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Қувонарлиси, мазкур баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам муносиб иштирок этиб, юқори натижалар қайд этмоқда. Хусусан, -65 кг вазн тоифасида кечган беллашувларда ҳамюртимиз Адҳамжон Эргашев чинкам иродани намоён этиб, даст кўтариш, силтаб кўтариш ҳамда икки кураш яхунига кўра учта бронза медални қўлга киритди.
Ушбу вазн тоифасида олтин медал Шимолий Корея терма жамоаси аъзоси Ким Хёк Сонгга насиб этган бўлса, кумуш медални Саудия Арабистони вакили Сераж Абдулраҳим Ал Салим қўлга киритди.
Эътиборлиси, Адҳамжон Эргашев икки йиллик танаффусдан сўнг кетма-кет иккинчи мусобақада ҳам шоҳсумага кўтарилиб, ўзининг юқори спорт формасини яна бир бор намоён этди.