Оғир атлетика. 12 ёшли оғир атлетикачи қиз ижтимоий тармоқларни ларзага солди
Россияда ёшлар ўртасидаги мамлакат биринчилиги якунланди. Эътиборлиси, мусобақа давомида 12 та Россия рекорди ўрнатилди, шулардан 8 таси битта спортчига — 12 ёшли Алена Козловага тегишли!
Алена ўзининг ғалабали уринишлари билан спорт жамоатчилигини ларзага солди. Унинг атиги 12 ёшдалиги эса ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Алена Козлованинг 8 та Россия рекорди:
Даст кўтариш: 91, 94 кг
Силтаб кўтариш: 100, 106, 110 кг
Икки кураш йиғиндиси: 194, 200, 204 кг
(вазн тоифаси +81 кг, 15 ёшгача)
Айтиш жоизки, Алена кўрсатган натижа сўнгги 6 йил ичида 15 ёшгача бўлган қизлар орасида энг юқори ҳисобланади. Шу вазн тоифасида, 17 ёшгача бўлганлар орасида ундан юқори натижа фақат Софья Врагова томонидан кўтарилган.
Шунингдек, Элеонора Гасиева 55 кг вазн тоифасида (17 ёшгача) силтаб кўтаришда 78 кг натижа билан Россия рекордини ўрнатди.
Ўғил болалар орасида эса Бейбулат Назирoв 73 кг вазн тоифасида (15 ёшгача) даст кўтаришда 134 кг натижа билан янги рекорд ўрнатди.
Сергей Плотников эса 67 кг вазн тоифасида (17 ёшгача) силтаб кўтаришда 122 кг ва икки кураш йиғиндисида 272 кг натижа билан Россия рекордларини янгилади.
Мусобақа якунланди ва маълумот берилишича бош мураббийлар аллақачон июль ойида Колумбияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрадиган кенгайтирилган таркибни аниқлаб бўлишди.