Одилхон ва Эркебулан ўртасидаги можаро шоу эмас — лига менежери жавоб берди
Octagon League’нинг ўзбекистонлик менежери Парвиз Абдумавлонов поп-ММА жангчилари Одилхон Камолов ва Эркебулан Токтар ўртасидаги сўнгги низо юзасидан ўз муносабатини билдирди. Кўплаб мухлислар бу галги тўқнашувни уларнинг эҳтимолий учинчи жанги олдидан ташкил этилган пиар кампания сифатида баҳолади. Аммо менежер бу фикрни рад этди:
“Бу ҳеч қандай шоу эмас. Улар орасидаги ҳар бир тортинч ҳақиқий бўлган. Шунча хафагарчиликлар, мурожаатлар, ҳатто жанг даражасидаги вазиятлар — буларнинг барчаси реал ҳолатлар. Оддий пиар учун бундай қилмайди одам. Учинчи жанг улар учун зарур деб ҳисоблайман. Агар келишувларга эришилса, трилогия Ўзбекистонда бўлиб ўтади”, — деди Парвиз Fightback дастурида.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойида Олма-Отадаги матбуот анжумани пайтида Эркебулан Токтар Одилхон Камолов билан можарога киришиб, уни урган эди. Шу воқеадан сўнг Octagon League икки жангчини уч ойга дисквалификация қилган.