Нукусда сабля қиличбозлари билан спорт психологияси бўйича амалий учрашув бўлиб ўтди
Нукус шаҳрида айни кунларда сабля йўналиши бўйича ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғини доирасида спорт психологлари ва ёш қиличбозлар иштирокидаги учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида спортчиларнинг мусобақага руҳий тайёргарлиги, стрессни бошқариш, диққатни жамлаш ва ғалабага бўлган ишончни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Мутассаддилар қиличбозлик каби тезкор ва юқори концентрацияни талаб қиладиган спорт турида психологик барқарорлик ҳал қилувчи омил эканини алоҳида таъкидладилар.
Тадбирда психолог Гулбану Есемуратова — Бердаҳ номидаги Қорақалпоғистон давлат университети ўқитувчиси, шунингдек Тимур Дәулетназаров — Нукус шаҳридаги Олий спорт мактаби психологи ўз маърузалари ва амалий тавсиялари билан иштирок этдилар. Улар спортчилар билан жонли мулоқот олиб бориб, реал мусобақа вазиятларида руҳий ҳолатни назорат қилиш бўйича машқларни намойиш этдилар.