Нодирбекдан фантастик камбэк! Ўзбекистон рапид йўналишида нечанчи ўринни эгаллади?
Лондонда рапид ва блиц йўналишлари бўйича жамоавий жаҳон чемпионати қизғин тус олган. 55 давлат жамоалари қаторида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам кучли таркиб билан иштирок этмоқда. Сафдаги етакчиларимиз — Рустам Қосимжонов, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров ва Шамсиддин Воҳидов каби гроссмейстерлардан иборат.
Жаҳон чемпионатида умумий мукофот жамғармаси — 500 000 евро. Шундан 310 000 евро рапид, 190 000 евро эса блиц баҳслари учун ажратилган. Илк уч кун давомида рапид бўйича 12 тур ўтказилди.
Ўзбекистон термаси ҳал қилувчи учинчи кунида 2 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият қайд этди. Эътиборлиси, 12-турда Нодирбек Абдусатторов рейтингда ўзидан юқори бўлган Алиреза Фирузжага қарши партияда вазият оғирлашганига қарамай, ёрқин ғалабага эришди. Унинг ушбу ютуғи WR Chess Team (Накамура, Вашье-Лаграв, Костенюк ва бошқалар) жамоаси устидан 3,5:2,5 ҳисобидаги муҳим ғалабани таъминлади.
Ўзбекистон термаси шу куни Global Ramblersни 5:1, Исроил термасини 4,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди. Malcolm’s Mates ва Hexamind жамоалари билан эса 3:3 ҳисобида дуранг қайд этилди. Hexamind жамоасига қарши партияда Синдаров амалдаги чемпион Володар Мурзинни, Абдусатторов эса Левон Аронянни мағлуб этди. Қосимжонов ва Воҳидов дуранг ўйнади, аммо Афруза Ҳамдамова ва Нилуфархон Имомқўзиева ютқазди.
Якунда Ўзбекистон жамоаси 12 турда 7 ғалаба, 3 дуранг ва 2 мағлубият билан 17 очко жамғарди ва қўшимча кўрсаткичлар натижасида тўртинчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, 30 000 евро мукофот пулига ҳам сазовор бўлди.
Рапид баҳсларида чемпионликни Team MGD1 (21 очко) қўлга киритди, кумуш — Hexamind Chess Team (20 очко), бронза эса 17 очко билан, лекин юқори коэффициентга эга Freedom жамоасига насиб қилди.