Нодирбек Якуббоев Полша турнирида якка пешқадам
Поляница-Здруй шаҳрида ўтказилаётган анъанавий “Akiba Rubinstein International Chess Festival” турнири ҳал қилувчи босқичга кирди. 61-маротаба ташкил этилаётган мусобақа 7 та гуруҳда кечмоқда. Кучлилар тўпланган “ALREH” гуруҳида ҳамюртимиз, халқаро гроссмейстер Нодирбек Якуббоев бош соврин учун курашмоқда.
Бу гуруҳда дунёдаги кучли шахматчилар — Аравиндҳ Читҳамбарам, Игорь Коваленко, Майкл Адамс, Давид Навара, Радослав Войташек, Маттиас Блуебаум ва бошқалар қатнашмоқда. Ғолиб 9 тур якунига кўра аниқланади.
Якуббоев 7-турда Англия шахматининг афсонаси ҳисобланган Майкл Адамсга қарши беллашди. Ўйин аввалида фарзини руҳ ва филга алмаштириб юборганига қарамай, якунда ғалабани ютиб олди. Фарзинсиз ҳолда фарзинли рақибни ютиш жуда кам учрайдиган ҳолатдир.
Бу натижа орқали Нодирбек 5,5 очко тўплаб, якка пешқадамлигини сақлаб қолди.
Бугун у 8-турда энг яқин таъқибчиси — 4,5 очко билан иккинчи ўринда турган германиялик Маттиас Блуебаумга қарши ўйнайди. Беллашув бизнинг вақт билан соат 18:15’да старт олади. Агар ҳамюртимиз ғалаба қозонса, муддатидан олдин Польша турнири чемпионига айланиши мумкин.