Нодирбек Абдусатторов ва бошқалар Sharjah Masters 2025’дан қанча мукофот пули ишлаб топишди?
БААнинг Шаржа шаҳрида ўтказилган нуфузли Sharjah Masters 2025 шахмат турнири ўз ниҳоясига етди. Мукофот жамғармаси 73 000 АҚШ долларини ташкил этган мусобақада дунё шахматининг етакчи вакиллари қаторида ўзбекистонлик гроссмейстерлар ҳам иштирок этишди. “Masters” гуруҳида Нодирбек Абдусатторов 9 учрашувда 6,5 очко тўплаб, 3-ўринни эгаллади ва 7000 доллар мукофот пулига эга бўлди.
Чемпионликни 7 очко билан қўлга киритган нидерландиялик Аниш Гири 15 000 долларни қўлга киритди. Абдусатторов билан бир хил очко жамғарган сербиялик Александр Инджич қўшимча кўрсаткичлар бўйича иккинчи ўринга муносиб кўрилди ва 10 000 доллар мукофот билан тақдирланди.
9-турда ҳамюртимиз Жаҳонгир Воҳидов оқ доналарда польшалик Малек Жандан устун келди. Муҳиддин Мадаминов туркиялик Ишик Алпарслан билан дуранг ўйнаган бўлса, Ортиқ Ниғматов Санал Ваҳаб билан баҳсни тенг якунлади. Турнирда кучли 15таликка кирган шахматчиларнинг барчаси мукофот пулларига эга чиқишди.
Аҳамиятлиси, “C” гуруҳида беллашган Қиличбек Назаралиев 9 турда 7,5 очко жамғариб, 2-ўринни эгаллади. У 35-рақамли старт рейтингига эга бўлишига қарамай, ўзидан юқорида турадиган кўплаб рақибларни ортда қолдирди ва 1100 доллар мукофот пулини қўлга киритди.