Нодирбек Абдусатторов Sinquefield Cup 2025’да муваффақият учун курашни давом эттирмоқда
АҚШнинг Сент-Льюис шаҳрида шахмат бўйича Sinquefield Cup 2025 мусобақасининг 4-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Нуфузли турнир Grand Chess Tour’нинг якуний классик босқичи ҳисобланади ва 350 минг АҚШ доллари мукофот жамғармаси учун олиб борилмоқда.
Олимпиада чемпионлари ва жаҳоннинг энг кучли 10 гроссмейстерлари қаторида иштирок этаётган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов (2771) илк тўрт учрашувдан кейин 0,5 очко билан охирги – 10-ўринда бормоқда.
Абдусатторов 3-турда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандҳа (2779) билан дуранг қайд этган бўлса, америкалик Левон Аронян, жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу ва тўртинчи турда яна бир америкалик Фабиано Каруанадан мағлубиятга учради.
5-турда Нодирбек қора доналарда америкалик Сэм Севианга қарши кураш олиб боради. Учрашувлар Тошкент вақти билан соат 22:00да старт олади.
Жадвалда ҳозирча Фабиано Каруана (3 очко) якка пешқадам. Аронян ва Праггнанандҳа эса 2,5 очкодан тўплаб, яқин таъқибчи сифатида туришибди.