Нодирбек Абдусатторов Esports World Cup Chess плей-офф босқичида!
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида мукофот жамғармаси 1 миллион 550 минг доллар бўлган нуфузли Esports World Cup Chess турнири қизғин паллага кирди.
NAVІ жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ва D гуруҳидан ўрин олган Нодирбек Абдусатторов илк босқичда америкалик Фабиано Каруанага қарши баҳс олиб борди. Биринчи партияда қора доналарда ўйнаган бўлишига қарамай, Нодирбек ғалаба қозонди. Иккинчи учрашувда эса дунё рейтингининг учинчи рақамидаги Каруана ҳисобни тенглаштирди.
Барча учун ҳал қилувчи бўлган армагеддон партиясида Абдусатторов маҳорат кўрсатиб, кучли рақибини мусобақадан чиқариб юборди.
Кейинги босқичда уни польшалик Ян-Криштофф Дуда кутаётган эди. Бу баҳсда ҳам икки партия дуранг билан якунланди. Аммо армагеддон партиясида шахмат тарихида камдан-кам учрайдиган ҳолат содир бўлди: Дуда сичқончада хатоликка йўл қўйиб, сипоҳни битта эмас, иккита қаторга суришни режалаштирар экан, нотўғри юришни амалга оширди. Бу рақибига от устунлигини тақдим этишига сабаб бўлди ва у баҳсни давом эттирмай, мағлубиятни тан олди.
Шу тариқа, Нодирбек Абдусатторов гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, иккинчи ўрин билан 1/8 финалга йўл олди. D гуруҳида биринчи ўринни Магнус Карлсен эгаллади.
Афсуски, саралаш орқали мусобақага йўл олган Жавоҳир Синдаров хитойлик Вей Йига қарши ҳар икки партияда ҳам мағлуб бўлиб, Esports World Cup Chess турниридаги иштирокини якунлади.