НДКТУ ва Ўзбекистон волейбол Федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Куни кеча Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Файзиев Жамшид Шукуруллоевич Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида бўлиб, волейбол спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш ҳамда уларни профессионал даражада тайёрлаш масалаларига бағишланган учрашув ўтказди.
Учрашув давомида университет раҳбарияти билан самарали мулоқот олиб борилиб, Ўзбекистон волейбол федерацияси ва НДКТУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур меморандум доирасида университетда волейбол спорт турини тизимли ривожлантириш, “Кончи” спорт клуби волейбол жамоасининг республика ва халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда иштирокини таъминлаш, шунингдек, қўшма спорт лойиҳалари ва мусобақалар ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Мазкур ҳамкорлик талабаларнинг спорт салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни профессионал спортга йўналтириш ҳамда ҳудудларда волейбол спортни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон волейбол федерацияси томонидан олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва волейбол спорт турини оммалаштириш ишлари изчил давом эттирилади.