Навоийда 200 миллион сўмлик мукофот жамғармасига эга “Uzbekistan Judo Tour” мусобақаси старт олди
Айни пайтда Навоий шаҳридаги НКМК спорт мажмуасида катталар ўртасида дзюдо бўйича “Uzbekistan Judo Tour” мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Ушбу турнир Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 20 июндаги “Дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган.
200 миллион сўмлик мукофот жамғармасига эга мусобақада асосий эътибор оғир вазн тоифасидаги баҳсларга қаратилаяпти. Унда Париж-2024 Олимпиадаси совриндори Алишер Юсупов ҳамда бошқа таниқли спортчилар иштирок этаётгани турнирга бўлган қизиқишни янада оширди.
Маълумот ўрнида, “Uzbekistan Judo Tour” мусобақалари 2026 йил ёзигача Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Аввалроқ турнирга Бухоро ва Наманган вилоятлари мезбонлик қилган эди.