Наманганда жисмоний тарбия ўқитувчилари амалий имтиҳон топширмоқда
Жорий йилнинг 12–20 ноябр кунлари республика бўйича белгиланган Спорт мактабларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Спорт вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим муассасаларининг “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчилари учун иккинчи босқич амалий имтиҳонлар ўтказилмоқда.
Имтиҳон жараёнлари “Баркамол авлод” спорт мажмуасида бўлиб ўтмоқда.
Имтиҳонларда ўқитувчиларнинг амалий кўникмалари, касбий маҳорати ва педагогик ёндашуви баҳоланмоқда. Жараёнларга вилоят комиссияси таркибидаги мутахассислар жалб этилган бўлиб, баҳолаш мезонлари рақамлаштирилган ва шаффоф тизим асосида амалга оширилмоқда.
Мазкур имтиҳонлар жисмоний тарбия ўқитувчиларининг малакасини янада ошириш, таълим жараёнида замонавий методикаларни қўллаш ва ёшларнинг спортга қизиқишини кучайтиришга хизмат қилади.