Наманганда сув полоси бўйича ёшлар турнири бошланди
Наманган вилоятидаги сув спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида 15 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида очиқ турнир бошланди. У мусобақа Ўзбекистон сув полоси миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи Равил Шамилевич Вишняков хотирасига бағишланди. Умр йўлини спортга бағишлаган мураббий мамлакатимизда сув спорт турларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.
Равил Вишняков ўз фаолияти давомида Ўзбекистон чемпионлари ва халқаро турнир ғолибларини тарбиялади. Жамоаси билан бирга кўп бор мамлакат чемпионатлари ва кубокларини қўлга киритди. 2010 йилги Осиё чемпионатида шогирдлари учинчи ўринни эгаллаши эса унинг энг катта ютуқларидан бири сифатида тарихга кирган. Унинг бой тажрибаси ва устозлик мактаби келгуси авлод спортчилари учун муҳим мерос бўлиб қолди.
Турнирда Россиянинг Раменское шаҳридан ташриф буюрган жамоа, Жиззах вилояти ва Намангандан тўртта жамоа иштирок этмоқда. Беллашувлар 23 августга қадар давом этади.
Ҳар бир ўйиндан сўнг энг яхши ўйинчи аниқланиб, эсдалик совғаси ва сертификат билан тақдирланмоқда. Бу эса ёшлар учун қўшимча рағбат ва келгуси муваффақиятларга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Биринчи кун натижалари:
• Наманган вилояти – «Пионер» (Россия, Раменское) 34:3
• Жиззах вилояти – ССШ по ВВС Наманган 6:16
• «Sharks» (Наманган) – «Sparta» (Наманган) 11:18
• «Пионер» (Россия, Раменское) – Жиззах вилояти 11:2
Хотира турнири нафақат ёш спортчиларни бирлаштирмоқда, балки тажриба алмашиш ва маҳорат ошириш учун муҳим майдонга айланмоқда.