Наманганда оммавий спорт мусобақаларини ташкил этишга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди
Наманган вилояти Ёшлар маркази мажлислар залида жорий йилда оммавий спорт мусобақаларини самарали ташкил этиш, уларни юқори савияда ўтказиш ҳамда ёшлар ўртасида спортга бўлган қизиқишни янада оширишга қаратилган ўқув-семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда вилоятдаги барча шаҳар ва туман спорт мактабларининг оммавий спортни ривожлантириш ва селекция ишлари бўйича директор ўринбосарлари, шунингдек, селекционер-тренерлар фаол иштирок этди.
Семинар давомида Наманган вилояти спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиқлари ҳамда соҳа мутахассислари томонидан оммавий спорт мусобақаларини режалаштириш, уларни ташкил этиш тартиби, мусобақаларни юқори савияда ўтказиш механизмлари, иқтидорли спортчиларни саралаш (селекция) жараёнларини такомиллаштириш, шунингдек, оммавий спортни янада ривожлантиришга оид долзарб мавзулар юзасидан маърузалар ва тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир якунланганда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар ҳамда келгусида оммавий спорт мусобақаларини янада самарали ташкил этиш бўйича фикр ва таклифлар алмашилди.
Мазкур ўқув-семинар ҳудудларда оммавий спортни ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва янги истеъдодларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.