Наманганда Муайтай бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари давом этмоқда
Жорий йилнинг 4–9-август кунлари Наманган вилоятининг Янги Наманган туманидаги "Паҳлавон" спорт мажмуаси спортнинг Муайтай тури бўйича ўсмирлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақасига мезбонлик қилмоқда.
Мазкур нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган энг кучли муайтайчилар ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда. Беллашувларда спортчилар ўзларининг техник маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва жанговор руҳини намоён этиб, Ўзбекистон кубоги совриндорлари сафидан жой олиш учун муросасиз кураш олиб бормоқдалар.
Мусобақанинг асосий мақсади ёш ва истиқболли спортчиларни аниқлаш, уларнинг маҳоратини ошириш, Муайтай спорт турини янада оммалаштириш ҳамда миллий терма жамоа учун муносиб заҳира спортчиларни саралашдан иборат.