Наманганда қўл жанги бўйича вилоят кубоги ўтказилди
2026 йилнинг 18–20-август кунлари Наманган шаҳридаги “Қўл жанги маркази”да спортнинг қўл жанги тури бўйича ёшлар ва кичик ўсмирлар ўртасида Наманган вилояти кубоги мусобақаси юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур мусобақадан кўзланган асосий мақсад — ёшлар ўртасида қўл жанги спорт турини янада оммалаштириш, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш, иқтидорли ва истиқболли спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларнинг маҳоратини оширишдан иборат.
Мусобақада Наманган вилоятининг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ёшлар ва кичик ўсмирлар ғолиблик учун баҳс олиб бордилар. Спортчилар турли вазн тоифаларида куч синашиб, ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги, чаққонлиги, кучи, техник ва тактик маҳоратини намоён этдилар.
Муросасиз ва қизғин кечган беллашувларда ҳар бир иштирокчи ғалаба учун бор кучини ишга солди. Айниқса, ёш спортчиларнинг қатъияти, интилиши ва спортга бўлган қизиқиши мусобақага ўзгача руҳ бағишлади.
Мусобақа якунларига кўра, ўз вазн тоифаларида юқори натижаларни қайд этган спортчилар ғолиб ва совриндорлар қаторида жой олдилар. Уларга диплом, медал ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ушбу мусобақа ёш авлодни жисмонан баркамол этиб тарбиялаш, уларда ирода, жасорат, интизом ва ғалабага бўлган ишончни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.