Наманганда гандбол бўйича Ўзбекистон чемпионати старт олди
Наманган шахридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида U-18 ёш тоифасидаги ўғил болалар ва қизлар ўртасида гандбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросими кўтаринки руҳда ташкил этилди. Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шахридан ташриф буюрган жами 28 та жамоа иштирок этмоқда.
Бугунги кунда баҳслар янада қизғин тус олиб, жамоалар чемпионлик учун муросасиз кураш олиб бормоқда. Ҳар бир учрашув юқори темп, кучли рақобат ва спортчиларнинг маҳорати билан ажралиб турибди.
Ёш гандболчилар ушбу мусобақа орқали ўз иқтидорларини намоён этиб, мухлисларга унутилмас лаҳзаларни тақдим этмоқда.
Мазкур чемпионат ёшлар ўртасида гандболни оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва уларнинг маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.