Ўн саккиз ёшли Лазиза Ҳайдарова Олимпиада чемпионига муносиб қаршилик кўрсатди
Бошқа спорт турлари
Иброҳим Жалолов
Редактор
PHOTO: Telegram
Яқиндагина ёшлардан катталарга ўтган Лазиза Ҳайдарова (-48 кг) ўзи учун биринчи катта синовдаёқ жиддий рақибга рўбарў келди.
Навоийлик 18 ёшли дзюдочимиз жаҳон чемпионатининг биринчи даврасида Париж-2024 Олимпиадаси бронза медали совриндори, Олимпия ўйинларининг жамоавий баҳсларида чемпиони, жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби, тўрт карра Европа чемпиони франциялик Ширин Буклига муносиб қаршилик кўрсатди.
Бундай нуфуздаги мусобақада илк бор иштирок этган Лазиза фақатгина қўшимча дақиқалардаги шидо сабаб номдор рақибасига имкониятни бой берди. Ҳайдарова шу йил Grand Prix Upper Austria турнирида бронза медалини қўлга киритган эди. У, шунингдек, кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори ҳам ҳисобланади.