Мутасаддилар Лос-Анжелес-2028 ёзги Паралимпия ўйинлари ташкил этиладиган спорт иншоотлари билан танишди
Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси ишчи гуруҳи Лос-Анжелес-2028 ёзги Паралимпия ўйинлари ташкил этиладиган спорт иншоотлари билан танишди.
Айни кунларда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси Бош котиби Фаррух Ахмедов ва қўмита раиси ўринбосари Бобур Ҳамраев Америка Қўшма Штатларида бўлиб турибди.
Мутасаддилар хизмат сафарининг илк кунида 2028 йилнинг 15-27 август кунлари Лос-Анжелес шаҳри мезбонлик қиладиган XVIII ёзги Паралимпия ўйинлари даврида мусобақаларнинг ташкилий ишлари, жумладан, мусобақа дастурларини ташкил этиш, транспорт ва логистика масалалари, Ўзбекистон делегациясининг ўйинлардаги иштирокига оид тақдимот билан таништирилди, ташкилий гуруҳлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди, шунингдек, LA-2028 ёзги Паралимпия ўйинлари учун мўлжалланган спорт иншоотлари ўрганилди.
Дастлабки манзил мусобақа доирасида пара енгил атлетика беллашувлари ҳамда расмий ёпилиш маросими ўтказиладиган "Лос-Анжелес мемориал колизейи" бўлди. 1923 йилда бунёд этилган мазкур арена 77 500 нафар мухлисни ўз бағрига сиғдира олиши билан ажралиб туради.
Бундан ташқари, вакилларимиз куннинг иккинчи ярмида ёзги Паралимпия ўйинларининг пара қиличбозлик, пара таэквондо, пара дзюдо, бочча ҳамда пара стол тенниси баҳслари ташкил этиладиган "Лос-Анжелес конгресс маркази"га ташриф буюриб, мажмуада яратилган шароитлар билан танишишди.