Муҳокама, маслаҳат ва режа: Ўзбекистон футзалини янги даражага олиб чиқилади
9-июн куни Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Нодир Элибўев, ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Константин Свиридов ҳамда ўсмирлар терма жамоаси устози Дилшод Раҳматов, шунингдек, федерация мутасадди ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш давомида Федерациянинг ортда қолган вақт давомида амалга оширган ишлари, ютуқ ва камчиликлар ҳамда келажакда бажарилиши керак бўлган вазифалар ҳақида сўз борди. Жумладан, Олий лигага ўтиш турнирига тайёргарлик, уни муносиб тарзда ташкиллаштириш ва ўтказиш, мамлакат чемпионати старти масалаларини пухта режалаштириш, барча терма жамоаларимизни олдинда кутаётган мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинлари, ўртоқлик учрашувлари ўтказиш юзасидан келгуси режалар муҳокама қилинди.
Федерация президенти Бекзод Маматқулов ички чемпионатимиз сифат даражасини ошириш устувор вазифалардан бири эканлиги, айнан шу йўл билан мамлакатимиз миллий терма жамоаси ҳам кучли бўлишини таъкидлади.
"Ўзбекистон Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Биз қитъада чемпионликка номзодлардан биримиз. Шуни ёдда тутишимиз зарур. Олдинда бизни кутяптиган \"CAFA\" мусобақасида ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушишимиз керак. Шу сабабли муносиб тарзда тайёргарлик кўришимиз керак", - деди Бекзод Маматқулов.
Бундан ташқари, федерация раҳбари терма жамоа ва унга чақирилишга номзод бўлган футзалчиларнинг саломатлигини назоратга олиш, зарур бўлса ёрдам кўрсатиш кераклигини таъкидлаб ўтди.