Муҳаммад Ал Харби ва Шаҳрилло Маҳмудов Осиё чемпионати олдидан тайёргарлик жараёнини кўздан кечирди
Муҳаммад Ал Харби ва Шаҳрилло Маҳмудов Осиё чемпионати олдидан тайёргарлик жараёнини кўздан кечирди.
Жорий йилнинг 7–14-август кунлари Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси”да ўтказиладиган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарлик ишлари якуний босқичга кирди.
Шу муносабат билан Осиё оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Ал Харби ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов мусобақа ўтказиладиган спорт мажмуасига ташриф буюриб, чемпионатга тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида мусобақа зали, машғулот ҳудудлари, тренерлар ва ҳакамлар хоналари, спортчилар ҳамда расмийлар учун яратилган шарт-шароитлар атрофлича ўрганилди. Шунингдек, чемпионатни халқаро стандартлар талаблари асосида юқори савияда ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниб, масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур нуфузли мусобақада Осиёнинг энг кучли ўсмир ва ёш оғир атлетикачилари ғолиблик учун баҳс олиб боради. Ўзбекистон эса ушбу чемпионатни юксак савияда ташкил этиш учун барча зарур тайёргарлик ишларини изчил давом эттирмоқда.