Миллий гвардия ҳудудий бошқармалари ва Камондан отиш федерацияси ёшлар ўртасида қадимий спорт турини оммалаштиришни давом эттирмоқда
Миллий гвардия ҳудудий бошқармалари ва Камондан отиш федерацияси ёшлар ўртасида қадимий спорт турини оммалаштиришни давом эттирмоқда
Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари Камондан отиш федерацияси билан ҳамкорликда ушбу қадимий, аммо ҳар доим долзарб бўлган спорт турини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мақсадида изчил ва тизимли ишлар олиб бормоқда.
Мазкур фаолият доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида — маҳаллалар, таълим муассасалари, шунингдек, гвардия ҳарбий қисмлари ва бошқармалари ҳудудларида — мунтазам равишда маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Бундай машғулотлар назарий ва амалий қисмларнинг уйғунлиги туфайли ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Хусусан, Миллий гвардиянинг Хоразм вилояти бошқармаси ташаббуси билан Урганч шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ёшлар учун камондан отиш бўйича маҳорат дарси ўтказилди.
Шу каби машғулот Жиззах вилоятида ҳам ўтказилди. Миллий гвардия Жиззах вилояти бошқармаси ҳарбий хизматчилари ташаббуси билан 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун камондан отиш бўйича маҳорат дарси ташкил этилди. Ёшлар спорт турининг тарихи, ўзига хос жиҳатлари ҳамда Ўзбекистонлик камондонларнинг жаҳон ареналаридаги ютуқлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди. Амалий босқичда эса ўқувчилар дастлабки нишонга олиш ва отиш кўникмаларини синаб кўришди, сўнг эса иштиёқ билан кичик мусобақаларда ўзаро беллашдилар.
Бундай тадбирлар нафақат ёшлар учун мазмунли ҳордиқ ташкил этади, балки уларда соғлом турмуш тарзига қизиқиш уйғотади, ирода ва интизомни мустаҳкамлайди, етакчилик фазилатларини ривожлантиради ҳамда жамоада ишлаш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.