«Мерган кубоги» мусобақаси ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон Республикаси ҳарбийлаштирилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимлари ўртасида ўқ отиш спорт турлари бўйича ташкил этилган анъанавий “Мерган кубоги” мусобақаси ўз якунига етди.
Юксак маҳорат, матонат ва аниқликни талаб этувчи мазкур нуфузли беллашув мамлакатимизда ҳарбий-спорт анъаналарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш марказининг ўқ отиш базасида бўлиб ўтган мусобақада 70 нафардан ортиқ эркак ва аёл мерганлар иштирок этиб, ўзларининг тайёргарлиги ва маҳоратини намоён этди. Иштирокчилар МВ-9, ПП-3, ПМ-3 ҳамда АК-3 йўналишлари бўйича ўзаро куч синашди.
Мусобақа аввалида жамоалар ўртасида қуръа ташлаш маросими ўтказилиб, иштирокчиларнинг чиқиш навбати белгиланди. Икки кун давом этган қизғин беллашувларда ҳар бир иштирокчи ғалаба учун бор имкониятини ишга солди. Мусобақа нафақат жисмоний тайёргарлик, балки интизом, жасорат, ирода ва ҳақиқий мерганлик маҳоратининг ёрқин намойишига айланди.
Беллашувлар якунига кўра, турли йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Мусобақа давомида айниқса Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар вазирлиги вакиллари юқори натижалар қайд этди.
Умумжамоа ҳисобида:
1-ўрин — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси;
2-ўрин — Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати жамоаси;
3-ўрин — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати жамоаси;
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари кубок, медал ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.