Матонат мактаби марафони: Фарғонада Паралимпия ўйинлари чемпиони билан учрашув бўлиб ўтди
Фарғона шаҳридаги "Ёшлар маркази"да “Матонат мактаби марафони” лойиҳаси доирасида Париж–2024 ёзги паралимпия ўйинлари ғолиби, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Ёрқинбек Одилов билан учрашув ташкил этилди. Тадбирда "Паралимпиячиларнинг матонат мактаби", Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Фарғона вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси мутасаддилари, адаптив спорт билан шуғулланаётган ёш пара спортчилар ҳамда мураббийлар иштирок этишди.
Учрашув давомида иштирокчиларга Ёрқинбек Одиловнинг ҳаёт йўли ва спортдаги ғалабалари ҳақида ҳикоя қилувчи “Тақдир жангчиси” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильм орқали ёшлар Ёрқинбекнинг болалик давридан бошлаб, қийинчиликларга қарамай, ўз орзулари сари дадил қадам ташлагани, меҳнатсеварлиги ва ғалабаларга элтган машаққатли йўлини яқиндан ҳис қилишди.
Тадбир жараёнида Ёрқинбек Одилов ёш спортчилар билан ўз тажрибалари, мотивацияси ва паралимпия ўйинлари чемпиони бўлиш йўлидаги синовлари ҳақида самимий суҳбатлашди. У ўз нутқида:
“Ҳар қандай чеклов – бу фақат синов. Агар инсон ўзига ишонса, барча тўсиқни енгиб ўта олади”, — дея ёшларга куч-ғайрат бағишлади.
Учрашув якунатида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, Ёрқинбек Одиловдан қимматли маслаҳатлар олишди. Тадбир иштирокчилари учун бу учрашув нафақат спортдаги муваффақиятлар ҳақида, балки ҳаётда матонат, ирода ва ишончнинг нақадар муҳимлиги ҳақида чуқур сабоқ бўлди.
“Матонат мактаби марафони” лойиҳаси доирасида ўтказилган бу тадбир ёш авлодни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва ўз кучига ишонч руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.