Магнус Карлсен: Нодирбек ҳозирда дунёнинг энг хавфли шахматчиси!
Дунё рейтинги етакчиси Магнус Карлсен Нилс Гранделиус устидан қўзонилган ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Интервьюда у нафақат ўйин таҳлили, балки ўзбек шахматчилари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Кечаги баҳсда Магнус кутилмаганда "Бенони" дебютини танлади. Журналистнинг 2000-йилдаги ўхшаш партия ҳақидаги саволига Магнус қизиқарли хотира билан жавоб берди:
"Ҳа, ўша ўйин эсимда. Рақибим Питер Лунд ўшанда нафақада эди ва таксичилик қилиб тирикчилик қиларди. Ота-онамнинг мени шахмат клубига олиб боришга имкони бўлмаган пайтларда, Питер мени олиб бориб, қайтариб олиб келарди. У ўша ўйинда ютуқли позицияга чиқиб олгани учун жуда хурсанд бўлганини эслайман"
Нодирбек Абдусатторовга қарши бўладиган марказий баҳс ҳақида эса Магнус шундай деди:
"Бу ўйинга ғалаба билан етиб келганимдан хурсандман. Нодирбек, шубҳасиз, сўнгги ойларда дунё шахматидаги энг хавфли ўйинчи бўлиб турибди. Албатта, унинг жамоадоши Синдаров ҳам муносиб рақобат кўрсатмоқда. Абдусатторов билан ўйин мен учун жуда оғир синов бўлади"