Магнус чемпион бўлган турнирида Абдусатторов нечанчи ўринни эгаллади?
Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида “Grand Chess Tour” туркумига кирувчи нуфузли Superunited Rapid & Blitz Croatia турнири якунланди. Ушбу босқичда дунё шахмат юлдузлари — Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Гукеш Доммараджу ва бошқалар қаторида Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирок этди.
Мусобақа икки қисмдан — рапид ва блиц баҳсларидан иборат бўлди. Умумий мукофот жамғармаси 175 000 АҚШ долларини ташкил қилди.
Блиц натижалари:
Нодирбек 18 та партия ўтказиб, 9 ғалаба, 5 дуранг ва 4 мағлубият қайд этди. 12 очко тўплаб, қўшимча кўрсаткичларга кўра 3-ўринни эгаллади. Унинг натижаси Уэсли Со билан тенг бўлди (12 очко), аммо Со иккинчи ўринни олди. Ғолиб — Магнус Карлсен, 12,5 очко билан.
Нодирбек охирги куни Карлсен, Доммараджу, Сарич, Праггнанандҳа ва Аниш Гирини мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Жами ҳисоб (рапид + блиц):
Афсуски, рапид баҳсларидаги омадсиз иштирок натижада ўз аксини топди. Абдусатторов умумий 18 очко билан 6-ўринни банд этди. Дуда ва Фирузжа ҳисобида 19 тадан очко бор. Агар Нодирбек блицнинг сўнгги турида Алиреза Фирузжани мағлуб этганида, улар ўрни алмашиши мумкин эди.