Луис Мехия Овьедо: «Курашнинг 2030 йилги ўйинлар дастурига киритилиш имконияти юқори»
Луис Мехия Овьедо: “Курашнинг 2030 йилги ўйинлар дастурига киритилиш имконияти юқори”
Халқаро Кураш Ассоциацияси Президенти вазифасини бажарувчи Зиёвиддин Хўжиниёзоў Санто Доминго шаҳрида Марказий Америка ва Кариб денгизи спорт ташкилоти – Centro Caribe Sports Президенти Луис Мехия Овьедо билан расмий учрашув ўтказди.
1924-йилда ташкил этилган Centro Caribe Sports бугунги кунда Марказий Америка ва Кариб денгизи минтақасидаги 35 та давлат Миллий олимпия қўмитасини бирлаштирувчи нуфузли спорт ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот томонидан илк Марказий Америка ва Кариб денгизи ўйинлари 1926-йилда ўтказилган бўлиб, ушбу мусобақалар дунёдаги энг қадимий минтақавий комплекс спорт ўйинларидан бири сифатида эътироф этилади.
Жорий йилда XXV Марказий Америка ва Кариб денгизи ўйинлари 24-июлдан 8-августга қадар Доминикан Республикасининг Санто Доминго шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Ўйинлар доирасида Панамерика Кураш чемпионати ҳам ташкил этилиб, Кураш спортнинг халқаро салоҳияти ҳамда йирик комплекс спорт мусобақаларига тайёрлигини намойиш этувчи муҳим тақдимот майдонига айланди.
Учрашув давомида Луис Мехия Овьедо Кураш спортнинг Панамерика минтақасида жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. У Панамерика Кураш чемпионати ва унинг доирасида ташкил этилган халқаро семинарлар юқори ташкилий савияда ўтказилганини қайд этиб, ушбу тадбирлар Курашнинг йирик комплекс спорт ўйинлари дастуридан ўрин олиш салоҳиятини яққол намоён этганини эътироф этди.
Томонлар, шунингдек, 2030-йилда бўлиб ўтадиган Марказий Америка ва Кариб денгизи ўйинлари дастурига Курашни расман киритиш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Луис Мехия Овьедонинг таъкидлашича, 2030 йилги ўйинлар дастури юзасидан муҳокамалар ҳали давом этмоқда ва Курашнинг расмий спорт тури сифатида дастурга киритилиш имконияти юқори. У Курашнинг халқаро миқёсдаги тараққиёти, замонавий бошқарув тизими ҳамда минтақадаги оммалашув суръатларини юқори баҳолади.
Учрашув якунида томонлар Кураш спортни Марказий Америка ва Кариб денгизи минтақасида янада ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда спорт турининг йирик комплекс ўйинлар дастуридан муносиб ўрин эгаллашига қаратилган қўшма ташаббусларни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
Учрашувда Панамерика Кураш Иттифоқи Президенти Хайме Касанов, Ўзбекистон Кураш федерацияси раиси биринчи ўринбосари Бахтиёр Қодиров ҳамда раис ёрдамчиси Сардорбек Каримов ҳам иштирок этдилар.