Лос-Анжелес–2028 Олимпия ўйинлари учун оғир атлетика спорт тури бўйича саралаш тизими расман тасдиқланди
Халқаро Олимпия Қўмитаси (IOC) ва Халқаро Оғир атлетика федерацияси (IWF) Лос-Анжелес–2028 Олимпия ўйинлари учун оғир атлетика спорт тури бўйича саралаш тизимини расман тасдиқлади.
Олимпиадада жами 120 нафар оғир атлетикачи совринли ўринлар учун баҳсларда иштирок этади. Шундан 60 нафари эркаклар, 60 нафари эса аёллар ҳиссасига тўғри келади.

Саралаш жараёнлари 2026 йил июль ойида бошланиб, 2028 йил майигача давом этади. Ушбу давр мобайнида дунёнинг энг кучли оғир атлетикачилари Олимпия йўлланмалари учун муросасиз кураш олиб боради.
Мусобақалар эркаклар ўртасида 6 та вазн тоифасида (-65, -75, -85, -95, -110 ва +110 кг), аёллар ўртасида ҳам 6 та вазн тоифасида (-53, -61, -69, -77, -86 ва +86 кг) ўтказилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2027 йилда пойтахтимиз Тошкент шаҳри ҳам Олимпия саралаш мусобақаларидан бирига мезбонлик қилади.