LA-2028: Ташкилий қўмита спорт турлари жадвали ва ареналарни эълон қилди
2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси мусобақалар жадвали ва ҳар бир спорт тури ўтказиладиган ареналар рўйхатини эълон қилди.
Ўйинларнинг расмий очилиш маросими 14 июлга белгиланган. Бироқ айрим спорт турлари бўйича саралаш баҳслари 12 июлдан бошланади. Мазкур маросим махсус қурилган “2028 стадиони”да ўтказилади. Ундан сўнг бу стадион бир ҳафта давомида сузиш мусобақалари учун мослаштирилади.
Дастлабки медаллар 15 июл куни триатлон, енгил атлетика, слаломда эшкак эшиш, қиличбозлик, дзюдо, регби-7 ва ўқ отиш каби спорт турлари бўйича қўлга киритилади.
Ёпилиш маросими 30 июлда белгиланган. У куни марафон, баскетбол, бокс, велотрек, сузиш, волейбол ва кураш бўйича финал баҳслари ташкил этилади.
Тантанали ёпилиш маросими “LA Memorial Coliseum”да бўлиб ўтади.