Кураш. Ўзбекистон кураш бўйича иккита Осиё Кубогига мезбонлик қилади
Халқаро Кураш ассоциациясининг 2026 йилга мўлжалланган расмий мусобақалар тақвим режасига мувофиқ, мамлакатимиз жорий йилда икки маротаба Осиё Кубоги мусобақасини қабул қилади.
2018 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро турнир эндиликда ёшлар ўртасида Осиё Кубоги мақомида ташкил этилади. Мазкур нуфузли мусобақага Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри мезбонлик қилади. 17–20 апрел кунлари бўлиб ўтадиган баҳсларда Осиё қитъасидаги Кураш федерацияларининг ёш иқтидорли спортчилари ғалаба учун кураш олиб борадилар. Мусобақа ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини сифатида пул мукофотлари билан тақдирланади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро турнир аввалги йилларда бир неча бор Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида, шунингдек, Эрон Ислом Республикасининг Эсфараён шаҳрида ҳам ўтказилган.
Шунингдек, 2026 йилда яна бир Осиё очиқ Кубоги мусобақаси Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида ташкил этилади. Ўзбекистон Кураш федерациясининг маълум қилишича, катталар ўртасидаги мазкур мусобақа 22–25 май кунлари бўлиб ўтади. Унда эркаклар ва аёллар ўртасида 16 та вазн тоифаларида яккалик ва жамоавий баҳсларда ташкил этилади.
Катталар ўртасидаги Осиё очиқ Кубоги ИКА Рейтинг тизимига ҳам киритилган.