Кураш. Ёшлар ва ўсмирлар ўртасида миллий чемпионатлар авжида
Сентябрь ойи кураш спорти учун айниқса мусобақаларга бой давр ҳисобланади. Ана шу ойда дунё бўйлаб миллий федерациялар ёшлар ва ўсмирлар ўртасида мамлакат чемпионатларини юқори савияда ташкил этмоқда.
Сентябрьнинг дастлабки кунлари Таиланд Кураш ассотсиацияси Сухотай провинциясида ёшлар ўртасида мамлакат биринчилиги ўтказди. Мусобақа 300 нафардан ортиқ иқтидорли ёш курашчиларнинг маҳоратини синовдан ўтказиш майдонига айланди.
Ҳиндистон Кураш ассотсиацияси ҳам ёшлар миллий чемпионатига мезбонлик қилди. Райпур шаҳрида бўлиб ўтган мусобақада мамлакатнинг 24 штатидаги 669 нафар ёш курашчи беллашди.
Айни пайтда эса Ўзбекистон Кураш федерацияси Наманган шаҳрида кичик ўсмирлар (U13) ўртасида мамлакат чемпионатини ўтказмоқда. Мусобақада мамлакатнинг барча ҳудудидан 659 нафар ёш спортчи ғолиблик учун гиламга чиқмоқда.
Халқаро Кураш ассотсиацияси ёшлар, ўсмирлар ва болалар ўртасидаги миллий чемпионатларни ташкил этиш ва қўллаб-қувватлашни доимо муҳим вазифа сифатида кўради. Бу борадаги ташаббуслар, аввало, ёш авлоднинг соғлом турмуш тарзини таъминлашга, қолаверса, кураш спортинг янада оммалашиши ва келажакда янги чемпионларни етишиб чиқишига хизмат қилади.