Кураш. XV Осиё чемпионатининг иккинчи кун баҳсларига старт берилди
Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида ўтаётган кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Осиё чемпионатининг иккинчи кун беллашувларига старт берилди.
Бугун кураш гиламига Осиёнинг ва дунёнинг энг кучли полвонлари чиқади. Чемпионатнинг ҳал қилувчи кунида мухлисларни қизғин, шиддатли ва муросасиз беллашувлар кутмоқда.
Кун дастурига мувофиқ, эркаклар ўртасида -90 кг, -100 кг, -120 кг ва +120 кг, аёллар ўртасида эса -48 кг, -52 кг, -57 кг ва -63 кг вазн тоифаларида медаллар учун баҳслар бўлиб ўтади.
Бугунги баҳсларда жаҳон чемпионлари Шерали Жўраев, Жамшид Мамадмуродов, Ҳилола Ортиқбоева, шунингдек, Осиё чемпионлари ва халқаро мусобақалар ғолиблари сафидан жой олган бир қатор машҳур полвонлар иштирок этмоқда. Улар орасидаги беллашувлар чемпионатнинг энг қизиқ ва кутилган баҳслари сифатида эътироф этилмоқда.
XV Осиё чемпионати баҳслари Тожикистоннинг «Варзиш ТВ» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. Шунингдек, мусобақа жараёнлари Тожикистон, Ўзбекистон, Россия, Туркманистон, Қирғизистон ва Корея Республикасининг марказий телеканаллари ҳамда ахборот платформалари орқали кенг ёритилмоқда.
📺Кураш мухлислари чемпионат беллашувларини YouTube платформаси Халқаро Кураш ассоциациясининг расмий ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ҳам жонли кузатишлари мумкин.