Кураш. Туркманистонда ҳарбийлар ўртасида Кураш чемпионати ўтказилди
27 январ — Туркманистонда ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари куни муносабати билан Ашхобод шаҳрида Кураш бўйича мамлакат чемпионати ташкил этилди.
Мазкур мусобақада Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миграция агентлиги ҳамда Божхона қўмитаси тизимларидан 150 нафарга яқин ходим иштирок этиб, гиламда ўз маҳоратларини намоён қилди.
Туркманистон Кураш федерацияси Президенти Овез Атталиевнинг таъкидлашича, илк бор бундай кенг қамровли форматда давлат органлари ходимлари иштирокида ўтказилган чемпионат кескин ва қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Шунингдек, иштирокчи ташкилотлар билан ушбу мусобақани келгусида анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб бориш бўйича келишувга эришилгани қайд этилди.
Мудофаа вазирлиги академиясининг спорт мажмуасида ўтказилган чемпионат якунга кўра, умумжамоа ҳисобида Мудофаа вазирлиги жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Ички ишлар вазирлиги иккинчи, Чегара қўмитаси жамоаси эса учинчи ўрин билан тақдирланди.