Кураш. Шарқий ва Жанубий-Шарқий Осиё чемпионатида қизлар беллашувлари якунланди
2025 йил 30 сентябрь куни Хитой Тайпейнинг Янги Тайпей шаҳрида Шарқий ва Жанубий-Шарқий Осиё чемпионатининг биринчи куни беллашувлари ўтказилди. Дастурга мувофиқ, мусобақалар аёллар ўртасидаги барча вазн тоифаларида ташкил этилди: -48 кг, -52 кг, -57 кг, -63 кг, -70 кг, -78 кг, -87 кг ва +87 кг.
Taipei Gymnasium спорт мажмуасида чемпионатнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда ИКА Бош котиби Муҳаммад Реза Насири, Хитой Тайпей Миллий Олимпия қўмитаси ва спорт вазирлиги вакиллари сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тиладилар. Улар кураш мусобақаси нафақат иқтидорли спортчиларни аниқлаш, балки халқлар ўртасида дўстлик ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Очилишдан сўнг миллий куй ва рақслар ижроси спорт байрами кайфиятини янада чуқурлаштирди.
Биринчи кунги беллашувлар кескин ва муросасиз руҳда ўтди. Ғолиб ва совриндор спортчилар медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Эртага чемпионатнинг иккинчи куни дастури доирасида эркаклар барча вазн тоифалари бўйича беллашувлар старт олади.