locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Кураш. Париж яна дунё полвонларини бирлаштиради

2026 йил 17-19 июль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида Кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнири бўлиб ўтади.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Кураш. Париж яна дунё полвонларини бирлаштиради
photo: Kurash Uzbekistan

Париж яна дунё полвонларини бирлаштиради.

2026 йил 17-19 июль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида Кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнири бўлиб ўтади. Нуфузли мусобақа Халқаро Кураш ассоциацияси, Европа Кураш конфедерацияси, Франция Кураш федерацияси ҳамда Ўзбекистон Кураш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Беллашувлар дунё спорт ва маданияти марказларидан бири саналган Париж шаҳридаги “Centre sportif Émile Anthoine” спорт мажмуасида ташкил этилади. Мазкур турнир ИКА Ranking Event мақомига эга бўлиб, унда жаҳоннинг турли мамлакатларидан энг кучли полвонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Мусобақа Кураш орқали давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро спорт алоқаларини кенгайтириш, спортчилар маҳоратини ошириш ҳамда Кураш фалсафасини кенг тарғиб қилишни мақсад қилган.
Турнир катталар ўртасида эркаклар (-90 кг, +90 кг) ва аёллар (-70 кг, +70 кг) вазн тоифаларида ташкил этилади. Ҳар бир миллий федерациядан икки нафардан эркак ва икки нафардан аёл спортчи иштирок этиши мумкин.

Ғолиб ва совриндорлар ИКА рейтинг очколари ҳамда пул мукофоти билан тақдирланади. Ҳар бир вазн тоифасида ғолибларга 3000 евро, иккинчи ўрин соҳибларига 2000 евро ва учинчи ўрин эгаларига 1000 евродан мукофот пули топширилади. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 30 минг еврони ташкил этади.

Мусобақада иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш муддати 2026 йил 20 июнга қадар этиб белгиланган. Белгиланган муддатгача ариза ва сафар жадвалини тақдим этмаган федерациялар мусобақага қўйилмайди.

Шунингдек, Францияга кириш учун зарур визани расмийлаштириш ҳар бир иштирокчининг ўзи томонидан амалга оширилади. Барча миллий федерациялар ўз делегация аъзоларининг суғурта масалалари учун ҳам жавобгар ҳисобланади.

Тадбир доирасида матбуот анжумани, ҳакамлар семинари, техник йиғинлар ва спортчилар учун махсус семинарлар ҳам ташкил этилади.

Маълумот учун: Кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган мазкур нуфузли халқаро турнир анъанавий равишда ҳар йили июль ойида Париж шаҳрида ташкил этиб келинмоқда.
Фақат 2024 йилда Париж шаҳрида ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилгани муносабати билан мусобақа Италия пойтахти Рим шаҳрида ташкил этилган эди.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг