Кураш. Осиё чемпионати олдидан ташкилотчилик қўмитаси йиғилиши ўтказилди
Осиё чемпионати олдидан ташкилотчилик қўмитаси йиғилиши ўтказилди
Кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Осиё чемпионати олдидан Халқаро Кураш ассотсиацияси Бош котиби Муҳаммад Реза Насрий раҳбарлигида ташкилотчилик қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Халқаро Кураш ассотсиацияси Техник директори Рави Капур, Спорт директори Хёнг Сик Байе, Администрация раҳбари Мансур Мирзаев, Халқаро Кураш институти ректори Ҳабибулла Тожиев, КСА Бош котиби Фаррух Саидқулов, Тожикистон Кураш федерацияси Президенти Абдумалик Орифов, ташкилотчилик қўмитаси аъзолари ҳамда ИКА ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш давомида чемпионатга тайёргарликнинг барча йўналишлари бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Хусусан, мусобақаларни ўтказиш, делегацияларни қабул қилиш, транспорт, меҳмонхоналар, хавфсизлик, тиббий хизмат, медиа ва трансляция ишлари юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда якунланиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг Муҳаммад Реза Насрий бошчилигидаги ишчи гуруҳ чемпионат беллашувлари бўлиб ўтадиган “Dushanbe Tennis Palace and Water Sport Complex” мажмуасида бўлиб, спорт иншоотининг техник тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди.
Ташриф доирасида Осиё Кураш конфедерацияси Бошқарув қўмитаси йиғилиши ва VIII Конгресси ўтказиладиган “Hyatt Regency Dushanbe” меҳмонхонасида ҳам тайёргарлик ишлари ўрганилди.
Якуний кўрик давомида чемпионатни халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш мақсадида бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
XV Осиё чемпионатига тайёргарлик ишлари тасдиқланган режа асосида давом этмоқда ва мусобақани юқори ташкилотчилик савиясида ўтказиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.