Кураш. Навоий шаҳридаги Суғдийона спорт мажмуасида Допингнинг спортчи соғлиғига салбий таъсири ва оқибатлари мавзусида семинар бўлди
Навоий шаҳридаги “Суғдийона” спорт мажмуасида “Допингнинг спортчи соғлиғига салбий таъсири ва оқибатлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Кураш федерацияси вакиллари, Навоий вилояти спорт бошқармаси ходимлари ҳамда Ўзбекистон кубоги мусобақасига келган вилоят тренерлари, ҳакамлари ва спортчилар иштирок этди.
Юртимиз ҳамда халқаро майдонларда бўлиб ўтадиган кураш мусобақаларига спортчиларни юқори савияда тайёрлаш, уларга шарт-шароитлар яратиш борасида федерация томонидан амалий ишлар қилинётгани, бу айниқса халқаро майдонларда кураш спорт турида эришилаётган ғалабалар ҳамда ютуқларда акс этаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон кураш федерацияси Бош котиби А. Эшонқулов, жумладан, спортчилар ўртасида антидопинг бўйича тушунтиришлар бериш, унинг салбий оқибатлари нафақат спортчи учун, балки жаҳон ареналарида Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда Кураш федерациясининг обрўсига путур етказиши мумкинлиги юзасидан тушунтиришлар берди. Шунингдек, ҳар бир спортчи антидопинг тартиб-қоидаларига сўзсиз амал қилиши лозимлиги, ҳар қандай салбий ҳолатдан сақланиши кераклиги, соғлиғи билан муаммо бўлган тақдирда федерациянинг шифокори билан маслаҳатлашиши муҳим эканлигини эътироф этди.
Семинарда спортчиларнинг соғлиғида муаммо бўлган тақдирда энг аввало федерация шифокори билан маслаҳатлашиши, қолаверса Ўзбекистон Миллий Антидопинг агентлиги вакилларини бундан хабардор қилиши, ҳар қандай дори истеъмол қилишдан аввал dori-uznada.uz сайти орқали рухсат этилган дори воситалари ҳақида батафсил маълумот олибгина дори ҳамда витаминларни истеъмол қилиши лозимлиги таъкидланди.