Кураш. Наманган вилояти чемпионатининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
Уйчи тумани 1-сонли спорт мактабида белбоғли кураш спорт тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Наманган вилояти чемпионатининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган мазкур чемпионатда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан 300 нафардан зиёд спортчи иштирок этиб, ўз вазн тоифаларида ғолиблик учун муросасиз баҳс олиб бордилар. Беллашувлар давомида спортчилар ўзларининг маҳорати, кучи ва матонатини намойиш этиб, томошабинларга қизиқарли ва муросасиз баҳсларни тақдим этдилар.
Мусобақа якунда ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар диплом, медал ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шунингдек, ушбу чемпионатда юқори натижа қайд этган спортчилар жорий йил апрель ойида Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионатида Наманган вилояти шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
Мазкур мусобақа ёш спортчилар ўртасида белбоғли кураш спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларнинг мусобақа тажрибасини оширишга хизмат қилди.