Кураш. Кескин баҳслар ва ёрқин ғалабалар: Осиё Кубоги якунланди
Нукус шаҳрида илк бор ташкил этилган Кураш бўйича катталар ўртасидаги Осиё Кубоги баҳслари юксак савия, муросасиз беллашувлар ва ҳақиқий спорт муҳити билан мухлислар хотирасида қолди.
Осиёнинг бир қатор давлатларидан ташриф буюрган жаҳон ва қитъа чемпионлари иштирокидаги беллашувлар томошабинларга чинкам спорт байрамини тақдим этди. Айниқса финал учрашувларидаги кескинлик, маҳорат ва чиройли усуллар амфитеатрга йиғилган мухлисларни тик оёқда қарши олишга ундади. Ҳар бир ғалаба ва ҳал қилувчи ҳаракат кучли ҳаяжон ҳамда олқишлар билан кузатилди.
Илк марта ўтказилаётганига қарамасдан, мусобақа ташкилий жиҳатдан юқори профессионал даражада ташкил этилди. Беллашувларнинг техник савияси, иштирокчиларнинг тайёргарлиги ҳамда мухлисларнинг катта қизиқиши Курашнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён қилди.
Эътиборли жиҳатлардан бири — Singapore ва Саудия Арабистони каби давлатлар спортчилари ҳам ғолиблар сафидан жой олганидир. Бу эса Кураш спортининг янги ҳудудларда жадал оммалашаётгани ва унинг географияси тобора кенгайиб бораётганининг амалий ифодаси бўлди.
Яккалашувлар якунлангач, мусобақа доирасида жамоавий баҳслар ҳам бўлиб ўтди.
Муросасиз ва кескин руҳда кечган учрашувларда Кураш ватани вакилларига тенг келадиган жамоа топилмади. Финал баҳсида Тожикистон миллий терма жамоасини мағлуб этган Ўзбекистон терма жамоаси мусобақа ғолибига айланди. Туркманистон ҳамда Ҳиндистон терма жамоалари эса фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар медал, диплом, кубок ҳамда ташкилотчилар томонидан таъсис этилган пул мукофотлари билан тантанали равишда тақдирланди.