Кураш. Қизларимиздан — муносиб натижалар
Ортга қолган кунда Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар аъзоси Осиё чемпионатида медаллар учун кураш олиб борди. Қувонарлиси, тўрт нафар қизимизнинг барчаси ўз чиқишларини ишончли тарзда ўтказиб, ғолиб ва совриндорлар қаторида жой олди.
Хусусан, Зиёда Худойқулова ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг, Осиё чемпионатида ҳам медал қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Маржона Абдумуталова эса ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан сўнг, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам шоҳсупадан жой олиб, ўз медаллари сафини яна бир соврин билан бойитди.
14 ёшли Муниса Болтаеванинг чиқишлари эса мухлислар ва мутахассисларнинг олқишига сазовор бўлди. У Зарина Абдуллахақова билан биргаликда ўзи учун илк халқаро мусобақадаёқ шоҳсупадан жой олиб, катта салоҳиятга эга эканини намоён этди.
Дарҳақиқат, ушбу муваффақиятлар ортида “кадр ортидаги қаҳрамонлар”, аниқроғи, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мураббийларининг меҳнати ва ҳиссаси катта. Спортчиларимизнинг ҳар бир муваффақияти ортида мураббийларнинг машаққатли меҳнати, пухта тайёргарлиги ва тўғри стратегияси мужассам.
Шу тариқа, ҳозирча терма жамоамиз Осиё чемпионатида 12 та медал қўлга киритган бўлса, шундан 11 таси қизларимиз ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мусобақалар тобора қизғин ва шиддатли тус олмоқда. Олдинда эса ҳали кўплаб муҳим баҳслар ва янги медаллар учун курашлар бор!