Кураш Ислом бирдамлик ўйинлари дастурига киритилди
Халқаро Кураш Ассоциацияси (ИКА) мамнуният билан маълум қиладики, Кураш спорт тури жорий йилнинг 7-21 ноябрь кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Ислом бирдамлик ўйинларида намойиш спорти сифатида киритилди.
Бу муҳим қарор Курашнинг Ислом бирдамлиги Спорт Ассоциацияси (ISSA)га аъзо мамлакатлар орасида янада кенг тарғиб этилиши ва унинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини ошириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
ИКА Бош котиби Муҳаммад Реза Насирининг Осиё ва Африкадаги барча миллий Кураш федерациясига юборган расмий хатида қайд этилишича, ушбу мусобақада иштирок этиш имконияти барча ислом мамлакатлари федерациялари учун очиқ ҳисобланади.
Ташкилотчилар билан келишувга кўра, ҳар бир мамлакат делегацияси учун 6 нафар иштирокчига бепул турар жой ва овқатланиш таъминланади. Улар 2 нафар мураббий, 2 нафар эркак ва 2 нафар аёл спортчидан иборат.
Кураш беллашувлари эркаклар –66 кг, –81 кг ва аёллар учун –57 кг, –70 кг вазн тоифаларида бўлиб ўтади.
Барча рўйхатлар фақат Халқаро Кураш Ассоциацияси орқали қабул қилинади. Миллий Олимпия қўмитаси орқали рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди.